Ер участкалари бериш (реализация қилиш)
- misha19772712
- 18 авг. 2024 г.
- 2 мин. чтения
Ўзбекистон Республикаси Ер тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасига асосан- Ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш), доимий фойдаланиш учун ва ижарага бериш ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) мулк қилиб бериш (реализация қилиш) — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида;
2) доимий фойдаланишга бериш — ушбу Кодекснинг 20-моддасида назарда тутилган ҳолларда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан;
3) ижарага бериш — очиқ электрон танлов ва электрон онлайн-аукцион воситасида, шунингдек ушбу Кодекснинг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан. Хусусий мулк бўлган ер участкасини ижарага бериш унинг мулкдори томонидан амалга оширилади.
Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бериш (реализация қилиш) ушбу Кодексда белгиланган тартибда фақат шу ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (қайта сотиб олинганидан) ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.
Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади). Ўрмон фондига қарашли ерлардан мазкур мақсадлар учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) асосан ўрмон билан қопланмаган майдонлар ёки бута ва арзонбаҳо дов-дарахтлар билан қопланган майдонлар ҳисобидан амалга оширилади.
Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгилангунига ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.
Ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш), улардан доимий фойдаланиш ва уларни ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Паркент тумани адлия бўлими ЮХКМ
бошлиғи С.Р.Хасанбоев


Комментарии